Ўзбекистонда энг катта ойликлар банкирларда, энг паст маошлар тиббиёт ходимларида

Дата: 16:29, 21-01-2019.

Тошкент. 21 январ. ЎзТАГ – 2018 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда энг юқори ўртача ойлик маошлар банк тармоғида, энг қуйилари соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларида қайд этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1,822 минг сўмни ташкил этди (шу жумладан, иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловларни ҳам қўшган ҳолда). Кўрсаткич 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 25%га ўсди.

Қайд этилишича, энг юқори даромадлар банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида қайд этилган. Ушбу соҳада банд фуқароларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3500,5 минг сўмни ташкил қилди (2017 йилга нисбатан ўсиш 29,9%).

Ахборот ва алоқа соҳаси ходимлари ойига ўртача 3347,5 минг сўм, саноат соҳаси ходимлари – 2731,1 минг сўм олишган. 

Ҳисобот даврида энг пайт ойлик маошлар ўқитувчилар ва тарбиячиларда (1396,4 минг сўм), шунингдек, тиббий ва ижтимоий ходимларда (1173,1 минг сўм) қайд этилган.

Бундан ташқари, савдода банд бўлганларда ўртача ойлик маош 1990,3 минг сўмни, қурилишда – 2297,3 минг сўмни, ташиш ва сақлашда банндларда 2507,4 минг сўмни, санъат, кўнгилочар ва дам олиш соҳаларида – 1652,4 минг сўмни ташкил қилган.

 

Сурат манбаи: https://ca-times.org

Янгилик билан ўртоқлашиш: