Ўзбекистонда мактаб битирувчилари учун медаллар таъсис қилиш таклиф қилинди

Дата: 17:33, 18-06-2018.

Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари олтин ва кумуш учун медаллар таъсис қилиш таклиф қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси билан кўзда тутилган бўлиб, ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Режаларга кўра, олтин медаль 9-синфни битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича оралиқ, якуний назоратлари ҳамда чораклик ва йиллик баҳолари аъло 11-синф битирувчиларига берилади.

Кумуш медаль эса 9-синфни битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло 11-синф битирувчиларига берилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, олтин медалга эга бўлган ўқувчига республикадаги давлат олий таълим муассасаларининг бакалавр босқичига кириш синовларида тўплаган умумий балига 50%, кумуш медалга эга бўлган ўқувчига тўплаган умумий баллининг 30% миқдорида қўшимча балл берилади.

Қонун лойиҳасида қайд этилишича, олтин ва кумуш медалларга эга бўлган ўқувчиларга бериладиган имтиёз бир йилгача амал қилади.

 

Сурат манбаи: http://beevent.pro/vypusknye/

Янгилик билан ўртоқлашиш: