Ўзбекистонда СТИРни онлайн режимда олиш мумкин

Дата: 08:33, 20-07-2018.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон фуқаролари солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) интернет орқали онлайн режимда бир кунда олишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “Жисмоний шахслар учун СТИР олиш ёки СТИР маълумотларини ўзгартириш” янги хизмати ишга туширилди.

Мазкур хизмат орқали солиқ тўловчи мурожаати бўйича идентификацион рақамларини аниқлаб олиши, шунингдек СТИР маълумотларини қисқа вақт ичида ўзгартириши мумкин”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчига идентификацион рақам (СТИР) бериш ёки ҳисоб маълумотларига ўзгартириш киритиш учун солиқ тўловчи жисмоний шахс:

1. Тегишли амални танлайди (ҳисобга қўйиш ёки ҳисоб маълумотларига ўзгартириш киритиш);

2. Ариза шаклини электрон тўлдиради;

3. Сканерланган паспорт нусхасини юклайди;

4. Доимий яшаш манзили бўйича давлат солиқ инспекциясига электрон аризани юборади.

5. Мазкур жараёндан сўнг 1 иш куни давомида давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги бўйича гувоҳномани аризада кўрсатилган электрон почта манзилидан олади.

Шундан кейин маълум қилинишича, энди фамилия ёки шахсий паспорт маълумотларини ўзгартирган тақдирда, Ўзбекистон фуқаролари амалдаги СТИР маълумотларни ўзгартириш учун солиқ қўмитаси бўлинмаларига ташриф буюришлари талаб этилмайди. Уни ЯИДХП орқали кўчага чиқмасдан туриб ёки ўзларига яқин Давлат хизматлари марказига бориб ўзгартиришлари мумкин.

Сурат манбаи: http://www.lc-audit.kz/our-services/knowledge-base/question666/

Янгилик билан ўртоқлашиш: