Ўзбекистонда янги эсдалик нишони таъсис этилди
Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг фармони билан “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” нишони таъсис этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Янги нишон мустақиллкни мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида таъсис этилди”, - дейилади хужжатда.
“Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.
Эсдалик нишонининг олд томони марказида қуёш нурлари фонида Мустақиллик майдонида жойлашган Мустақиллик ва эзгулик монументида акс эттирилган “Бахтиёр она” ҳайкали тасвирланган. Эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган оқ эмалли доирада “O‘zbеkiston mustaqilligiga” сўзлари, пастки қисми марказида эса иккита саккиз қиррали юлдуз оралиғида “25 YIL” ёзуви акс этган. Ёзувлар зарҳалланган.