123

Биринчи ярим йилда Ўзбекистон банкларининг умумий капитали 23,3% ўсди

Дата: 10:38, 19-07-2016.

Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – 2016 йилнинг биринчи ярим йилида Ўзбекистон тижорат банкларининг умумий капитали ўтган йилнинг муқобил даврига солиштирганда 23,3% ошиб, 8,6 трлн сўмни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Банк активлари ўтган йилнинг 1 июл ҳолатига нисбатан 25,1% ўсиб, бугунги кунда 73,4 трлн сўмга етди. Ҳисобот санасига банк тизими капиталининг етарлилик даражаси белгиланган халқаро меъёрлардан қарийб 3 баробар кўпдир. Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси эса бир неча йилдан буён 64,5%дан юқори бўлиб, бу кўрсаткич ҳам жаҳон амалиётида умумқабул қилинган минимал даражадан 2 баробар ортиқдир”, - деб таъкидлашди МБда.

Иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг 1 июл ҳолатига нисбатан 26,2% кўпайиб, 2016 йилнинг 1 июл ҳолатига кўра, 48 трлн сўмдан ошиб кетди. Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган инвестицион кредитлари ҳажми 5,8 трлн сўмни ташкил қилди ва бу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробар ошиқ бўлди.

Кичик бизнес субъектларига ўтган олти ой давомида 8,3 трлн сўм ҳажмида кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

Тижорат банкларининг ресурс базасини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган изчил чоралар банкларнинг жами депозитлари миқдори йилдан йилга ошиб боришига шароит яратмоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 27,7% ўсиб, ҳозирги кунда 40,1 трлн сўмни ташкил этмоқда. Ҳисобот йилида молиявий хизматлар таркибида, бевосита банк хизматларининг улуши 87% етиб, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробардан зиёдга ошди.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 18,2 млн донадан ортиқ пластик карточкалар муомалага чиқарилган бўлиб, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони 200,8 минг донага етди.

“Мoody’s” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболларига тақдим этган “барқарор” даражадаги рейтинг баҳосини олти йилдан буён қайта тасдиқлаб келмоқда. Шунингдек, “Standard & Poor’s” ва “Fitch Ratings” агентликлари ҳам мамлакатимиз банк тизими фаолиятини ижобий баҳолаб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: