123

Фарғона вилоятида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури учун камида $100 млн ажратилади

Дата: 14:43, 13-06-2018.

Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Фарғона вилоятида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури учун камида $100 млн ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумот Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Олтиариқ туманида Фарғона вилояти фаоллари, мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилишда очиқланди.

Унда Фарғона вилояти саноат товарлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, хизмат кўрсатиш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган товарлар ва бошқа кўрсаткичлар бўйича республикадаги ўртача даражадан бир неча баробар орқада экани танқид остига олинди.

“Биз ўзимизга жуда катта юк олганмиз. Халқимизни рози қилишимиз керак. Фарғона вилояти ҳамма соҳа бўйича ҳали ўзининг йўлини топгани йўқ. Иқтисодиётда, маиший ҳаётда кўп муаммолар тўпланиб қолган. Лекин раҳбар шунинг учун раҳбар - масалага ечим топиши керак. Бунинг учун ватанни севиши, ўзини қийнаши керак”, - деб иқтибос келтиради Мирзиёевдан унинг матбуот хизмати.

Одамларни рози қилиш учун уларни иш билан таъминлаш, бунинг учун инвестициялар жалб этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, вилоятда 101 мингта иш ўрни яратиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини Фарғона вилоятида амалга ошириш учун оилаларнинг тадбиркорлик имкониятларини ўрганиш, зарур бўладиган молиявий ресурсларни ҳисоб-китоб қилиб, камида 100 миллион доллар ажратиш бўйича топшириқ берилди”, - дейилади хабарда.

Йиғилишда кўрилган масалалар бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди. Аҳоли талабларидан келиб чиқиб зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига 12 июнда келган эди.

Сурат манбаи: http://uza.uz/ru/business/dni-zhenskogo-predprinimatelstva-03-04-2015

Янгилик билан ўртоқлашиш: