123

Француз агентлиги Ўзбекистонга давлат бюджетини қўллаб қувватлашга 150 млн евро ажратади

Дата: 14:26, 29-11-2018.

Тошкент. 29 ноябр. ЎзТАГ – Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) Ўзбекистонга давлат бюджетини қўллаб қувватлашга 150 млн евро ажратади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президентининг “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Иқтисодий бошқарувни яхшилаш дастури” лойиҳасини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори қонунчилик ҳужжатларини муҳокама қилиш порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.

“2018 йил 22 ноябр куни Франция тараққиёт агентлиги директорлар кенгаши Ўзбекистонга Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Иқтисодий бошқарувни яхшилаш дастури” лойиҳаси доирасида бюджетга кўмаклашиш учун 150 млн евро миқдорида қарз тақдим этилишини маъқуллади. Кредит 20 йил муддатга (шу жумладан 6 йиллик имтиёзли давр) тақдим этилмоқда”, - дейилади ҳужат матнида.

Қарорга мувофиқ, ФТА маблағларни Ўзбекистонга давлат бюджетини қўллаб қувватлашга тақдим этмоқда.

Ҳужжат муҳокамаси 2018 йил 13 декабргача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, октябрда Ўзбекистон президентининг Францияга сафари доирасида ФТА билан инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш бўйича умумий қиймати 600 млн евро атрофида бўлган лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида келишув имзоланган эди. Ушбу маблағлар 2018-2021 йиллар орасида сув таъминоти ва санитария, энергетика ва гидроэнергетика, қишлоқ хўжалиги, атроф муҳит муҳофазаси ва ресурсларни барқарор бошқариш лойиҳаларига сарфланади. Бундан ташқари, Франция ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида энергетика, авиасозлик, нефтегаз тармоғи ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида қатор келишувлар ҳам имзоланган эди.

 

Сурат манбаи: https://www.city24.lv

Янгилик билан ўртоқлашиш: