123

Икки йилда Ўзбекистондаги болалар боғчалари сони 1,4 мингга кўпайди

Дата: 13:35, 11-12-2018.

Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – Икки йилда Ўзбекистондаги болалар боғчалари сони 1,4 мингга кўпайиб, 6,367 мингтага етди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилаётган хусусий мактабгача таълим масканлари сўнгги бир йилда икки баробар кўпайди ва 568 тани ташкил этмоқда. Яна мингта шундай боғча очиш бўйича амалий ишлар бошланган.

Бу маълумотларни ижтимоий соҳа ҳақида гапира туриб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция кунига бағишланган тантанали мажлисдаги нутқида келтириб ўтди.

Халқ таълими тизими ҳақида гапира туриб, у ўқитувчиларнинг иш ҳақи босқичма-босқич кўпайтирилиб, уларни рағбатлантиришнинг янги механизмлари жорий қилинаётганини таъкидлади.

Сўнгги икки йилда мамлакатда 5 та янги олий таълим муассасаси ҳамда 12 та нуфузли хорижий олий ўқув юртининг филиаллари ташкил этилди. Истеъдодли кадрларни етакчи хорижий таълим марказларида тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди.

Ш. Мирзиёев Конституцияда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилганини қайд этди. 2018 йилда мамлакат аҳолиси 33 миллион кишидан ошди. Фуқароларининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1990 йилдаги 67 ёшдан 2017 йилда 74 ёшни ташкил этди. Болалар ўлими 3 баробар камайишига эришилди.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг ўзида 400 дан ортиқ хусусий тиббиёт масканлари ташкил этилди.

Президент Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя моделини реал талаблар асосида умум эътироф этилган халқаро стандартлар даражасига кўтариш зарурлигини таъкидлади.

2018 йилнинг ўзида 21,5 мингдан зиёд оила арзон уй-жойлар билан таъминланди. Бундан ташқари, 30,5 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахсларга умумий қиймати 3,6 млрд сўмлик протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари ажратилди. Уларнинг 16 минг нафари реабилитация марказларида даволанди ва бу мақсадлар учун қарийб 17 млрд сўм маблағ сарфланди.

 

Сурат манбаи: http://uza.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: