123

Каримовнинг кичик қизи отасининг инсульт олгани ҳақида маълум қилди

Дата: 15:55, 29-08-2016.

Тошкент. 29 август. ЎзТАГ – Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева отасининг инсульт олгани ҳақида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Шанба куни адамлар (Ислом Каримов – ЎзТАГ) мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага олиб келиндилар. Ҳозир улар реанимация бўлимида тиббий муолажалар олмоқдалар”, - деб ёзди президентнинг қизи Instagramдаги ўз саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда унинг аҳволи шифокорлар томонидан стабил деб баҳоланмоқда.

“Ҳозирги пайтда ҳолатлари шифокорлар томонидан стабил деб баҳоланмоқда. Айни пайтда келгусидаги соғлиқлари борасида қандайдир тахминлар қилиш анча эрта”, - деб таъкидлади Лола Каримова-Тиллаева.

Олдинроқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси президент стационар даволанишда эканлигини, лекин давлат раҳбарига нега тиббий ёрдам зарур бўлганлигини аниқлаштирмаган эди.

Маълумот ўрнида, Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбарлик қилишни 1989 йилда, Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби лавозимини эгаллаганидан кейин бошлаган эди. У 1990 йил 24 мартда Ўзбекистон Олий Кенгашининг сессиясида президент этиб сайланган.

Кейинчалик, Каримов 1991 йилдаги умумхалқ сайловларида ғалаба қозонган. 2002 йил 27 февралда бўлиб ўтган умуммиллий референдум доирасида президентлик ваколатларини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: