123

Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори ўзбек иқтисодиётида ўтказилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлади

Дата: 18:48, 17-07-2017.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижрочи директори Кристин Лагард ўзбек иқтисодиётида ўткзилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақида ХВЖ раҳбарининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида сўз боради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мен Сиз ва Сизнинг иқтисодий жамоангиз Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантириш ва аҳоли моддий фаровонлигини юксалтириш йўлида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида мамлакат иқтисодиётини ислоҳ этишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингизни астойдил маъқуллайман. Шуни ишонтириб айтаманки, Сизнинг раҳбарлигингизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирларини биз техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, - дейилади хатда.

Бир неча кун аввал Халқаро валюта жамғармаси бош қароргоҳида жамғарма ходимлари билан Сизнинг вакилларингиз валюта сиёсатини ислоҳ қилиш йўллари бўйича дастлабки учрашув ўтказганидан ғоят мамнунман. Жамғарма ходимлари бу борадаги ишларни давом эттириш учун яқин орада Тошкентга боришидан хурсандман, дейилади яна мактубда.

“Сизнинг вакилларингиз ва Халқаро валюта жамғармаси ходимлари яқин вақтларда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини такомиллаштириш мақсадида бошқа йўналишларда ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар орқали валюта тизимини эркинлаштиришни қўллаб-қувватлашга доир кенг кўламли масалаларни, жумладан, иқтисодий статистикани яхшилаш чора-тадбирларини муҳокама этишига ишонаман. Бу ҳукумат ва инвесторларга асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради”, - дея таъкидланади мактубда.

Жаноб Президент, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон улкан натижаларни қўлга киритишига қатъий ишонаман ва биз Сизни бу борада ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканимизни яна бир бор тасдиқлайман, дея хулоса қилади ХВЖ раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: