123

ХВФ валюта тизими ислоҳотлари корхоналар ва банкларнининг реструктуризация қилиниши билан бирга кетиши зарурлигини билдирди

Дата: 17:21, 25-07-2017.

Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – 17-24 июлда Халқаро валюта фондининг (ХВФ) Альберт Егер раҳбарлигидаги миссияси иқтисодий вазиятни ривожлантириш ва расмий давлат органлари ишлаб чиққан ислоҳотлар режаларини муҳокама қилиш мақсадида Тошкентда бўлди. Бу ҳақида ХВФ сайтида хабар қилинган.

“Миссия расмий давлат идораларининг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича комплекс режаларини ижобий қабул қилди. Ушбу режаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш иқтисодиётнинг сифатли иш ўринлари барпо этиш ва барқарор ўсиш қобилиятини сезилардли даражада оширади”, - дейилади миссия баёнотида.

Таъкидланишича, миссия расмий идораларнинг биринчи галда валюта тизимини ислоҳ қилиш борасидаги режаларини маъқуллаган.

“Валюта курсларининг бир хиллаштирилиши ва валюта заҳираларини бозор қоидалари асосида тақсимлаш учун шарт-шароитлар барпо этиш Ўзбекистон Марказий банкига барқарорликни қўллаб-қувватловчи ҳамда инфляцияни самарали бошқариш имконини берувчи пул-кредит сиёсатига ўтишга имкон беради. Бу ислоҳот ташқи рақобатбардошликнинг ошиши, бевосита хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ички заҳираларни тақсимлашни такомиллаштириш орқали янги иш ўринлари барпо этиш ва иқтисодий ўсишга кўмаклашади. Ўзбекистоннинг сезиларли валюта заҳиралари бу ислоҳотни ишонч билан ўтказиш имконини тақдим этади”, - дея қайд этилади баёнотда.

ХВФ мутахассиларининг фикрига кўра, валюта тизими ислоҳотлари корхоналар ва банкларнининг реструктуризация қилиниши билан бирга кетиши зарур.

“Валюта тизимини ислоҳ қилиш давлат корхоналари ва давлат назоратидаги банкларни реструктуризация қилиш, халқаро савдо ва бевосита хорижий сармояларни жалб этишга имкон бермаётган омилларни йўқотиш, иш ўринлари ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган компаниялар, айниқса, кичик ва ўрта корхоналарнинг операцион харажатларининг асоссиз равишда ошиб кетишига сабаб бўлаётган қонунлар, қарорлар ва бошқа жараёнларни тартибга солиш билан биргаликда амалга оширилиши зарур”, - дейилади баёнотда.

Баёнотда “ХВФ қўшимча техник ёрдам беришга ва расмий давлат органлари томонидан тайёрланган ислоҳотлар режасини қўллаб-қувватлаш мақсадида иқтисодий сиёсат масалаларида тавсиялар тақдим этишга тайёр”лиги айтилган.

“Ислоҳотларни пул массаси ва кредитнинг тез суръатларда ўсиши туфайли вужудга келувчи инфляция босими шароитида ўтказишга тўғри келади. Шу муносабат билан миссия Ўзбекистон Марказий банкининг пул-кредит сиёсатига қатъий тус бериб, қайта молиялаш ставксини 9%дан 14%га оширганини қўллаб-қувватлайди”, - дейилади баёнотда.

ХВФ мутахассисларининг кўра, “гарчи банк тизимида етарли миқдорда буфер заҳиралари сақланган бўлса-да, ликвидлик ва кредитлар ликвидлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган эҳтимолий мураккабликлар хавотирларга сабаб бўлмоқда”. “Шу сабабли расмий идоралар давлат томонидан назорат қилинадиган банкларни қайта сармоялашга доир эҳтиёт чораларини кўришди. Ликвидлик меъёрларини ошириб, ЎзМБнинг ликвидлик ва банклар муаммоларини ҳал этиш борасида қўллайдиган қоидаларни қайта кўриб чиқиб, мослаштиришди”, - деб таъкидлашди ХВФда.

“2017 йил бошидан буён эҳтиёткорона солиқ-бюджет сиёсати олиб борилмоқда, давлат бюджетининг профицити жорий прогнозларга кўра, ЯИМнинг 0,2%ини ташкил этади. Шунга кўра, янги валюта курси тартиби ва пул-кредит сиёсати мувофиқлигини таъминлаш мақсадида 2018 йилги солиқ-бюджет сиёсатининг қатъийлиги сақлаб қолиниши керак”, - дейилади фонд баёнотида.

Шунингдек, миссия расмий идораларнинг иқтисодий статистика маълумотлари сифати ва шаффофлигини ошириш бўйича қадамларини ижобий баҳолагани айтиб ўтилган. “Расмий идораларнинг 2018 йилдан инфляция суръатларини баҳолашда янги Истеъмол нархлари индексини (ИНИ, инфляция кўрсаткичи; Consumer Price Index, CPI) қўллаш ушбу муҳим статистика маълумоти сифатини ошириши керак. Миссия, шунингдек, Ўзбекистон расмий идораларининг ХВФнинг кенгайтирилган маълумотларни тарқатиш умумий тизими қўшилиш истагини ҳам олқишлайди”, - дея таъкидланади баёнотда.

“ХВФ Келишувларининг IV моддаси доирасидаги навбатдаги маслаҳатлашувларни 2017 йил кузида ўтказиш борасида дастлабки келишувга эришилди”, - дея хулоса қилинади баёнотда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: