123

Москва экспертлари Тошкентни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни тақдим этдилар

Дата: 16:03, 02-12-2019.

Тошкент. 2 декабрь. ЎзТАГ – Москва экспертлари Тошкентни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни тақдим этдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сергей Рябокобилко бошчилигидаги Cushman&Wakefield халқаро компаниясининг Москва офиси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.

"Компания вакиллари делегацияси "Тошкент 2030 – обод шаҳар" эскиз лойиҳасини тақдим этди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, 10 йил ичида шаҳарнинг иқтисодий ривожланиши унинг инфратузилмаси билан чекланади, шунинг учун бугунги кунда унинг ўзгариши ҳақида ўйлаш керак. Тошкент-2030 минтақада етакчилик қилаётган маъмурий-молиявий марказ сифатида ғоялар генератори ва Ўзбекистоннинг дунёга очиқ витринаси сифатида кўрилади", – дейилади пойтахт маъмурияти матбуот хизмати хабарида.

Москва экспертлари томонидан қайд этилганидек, Тошкентнинг тижорат кўчмас мулк харитаси, нотураржой хоналари ижараси бозорини рағбатлантириш, шаҳар чегарасида катта улгуржи савдо маркази ташкил этиш, 11 та туман ҳудудига тегишли концепция каби лойиҳалар тақдим этилган.

Шунингдек, учрашувда шаҳар жамоат жойларини (қирғоқлар, боғлар, булварлар, очиқ осмон остида музейларни) яратиш бўйича таклиф кўриб чиқилди.

"Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни давом эттириш ниятини тасдиқладилар", - деб хулосаланади хабар.

Маълумот учун: Cushman&Wakefield кўчмас мулк инвестициялари ва ижара билан боғлиқ масалалар бўйича мижозларнинг манфаатларини таъминлайди ва маслаҳатлар беради. Компания 1917 йилда АҚШда ташкил этилган, ҳозирда дунёнинг 70 мамлакатида 400 тага яқина офисига эга. Россияда компания 1995 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. 150 юқори малакали мутахассислар жамоаси шаҳар инфратузилмасини яратиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатади.

 

Сурат манбаи: tashkent.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: