123

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовни хотирлади

Дата: 13:11, 31-01-2017.

Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“30 январда Ш.Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан Самарқандга ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва унга гуллар қўйди”, - дейилади хабарда.

Матбуот хизмати маълумотига кўра, Каримовнинг таваллуд куни Тошкентда, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда кенг нишонланди.

Олдин хабар берилгани каби, 25 январда Ш.Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу хужжатга мувофиқ, қатор объектларни Ислом Каримов номи билан аташга қарор қилинди.

Хусусан, унинг номи Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобиль заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига берилади.

Бундан ташқари, Биринчи президент номи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга ҳам берилади.

Шунингдек, Ш.Мирзиёев ҳар йили Биринчи Президент таваллуд топган сана – 30 январ кунини кенг нишонлаш, 2 сентябр кунини Хотира куни сифатида ёд этишни топширди.

Қўшимча равишда талабаларга Каримов номидаги стипендиялар бериш, махсус маркалар чиқариш, қатор илмий ва бадиий фильмлар ишлаш ҳам режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: