123

Шавкат Мирзиёев РФ ҳукумати бош вазири ўринбосари билан музокаралар ўтказди

Дата: 14:35, 16-02-2017.

Тошкент. 16 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Козак билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари кўплаб йўналишларда, хусусан, савдо-иқтисодий соҳада изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг 2016 йил 6 сентябр куни Самарқандда бўлиб ўтган учрашуви чоғида эришилган келишувлар фаол ва самарали амалга оширилаётгани қайд этилди.

“Учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини янада диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар икки мамлакат компаниялари ўртасида узоқ муддатли амалий алоқаларни ўрнатиш, шунингдек, янги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутаётганини қайд этдилар”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, бугунда Россия Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидандир. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми $4,2 млрддан зиёдни ташкил этган. Товар айирбошлаш ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини “яшил йўлак” орқали россиялик истеъмолчиларга етказишни ташкил этишга доир келишувлар имзоланган. Фақат жорий йилнинг ўзида Россия бозорига 1 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавотлар, шунингдек, уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган кенг турдаги маҳсулотлар етказиб бериш режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: