123

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий устуворликларини очиқлади

Дата: 12:18, 09-09-2016.

Тошкент. 9 сентябр. ЎзТАГ – Вақтинчалик Ўзбекистон раҳбари вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида Ўзбекистоннинг яқин истиқболдаги ташқи сиёсий устуворликларини очиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз”, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бу – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан алоқаларимизни мустаҳкамлашдан иборат. Биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан Стратегик шериклик, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида дўстона алоқаларни изчил ривожлантириш ва кучайтириш икки мамлакат манфаатларига жавоб беради ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Мирзиёевнинг фикрига кўра, Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ташқи сиёсатимизда устувор аҳамиятга эга бўлиб қолади.

“Ўзбекистон минтақадаги яқин қўшнимиз ҳамда глобал ва минтақавий муаммоларни ечишда муҳим роль ўйнайдиган Хитой Халқ Республикаси билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдордир. Осиё ва Тинч океани минтақасида биз Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан иқтисодиёт, инвестициялар, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга устувор даражада аҳамият берамиз”, - деб таъкидлади у.

Мирзиёев шу билан бирга Ўзбекистон учун Европанинг етакчи давлатлари, авваламбор Германия, Франция ва Буюк Британия, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

“Биз Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз. Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан анъанавий равишда яқин қўшничилик ва дўстона сиёсат олиб боради”, - деди у.

Амалдорнинг фикрига кўра, Лотин Америкаси ва Кариб минтақаси, Африка қитъасининг етакчи давлатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб беради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан фаол муносабатлар ва ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади.

“Биз Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, бошқа халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан давлатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорликни янада ривожлантирамиз”, - деб хулоса қилди Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: