123

Япон банки Ўзбекистонга интернетни ривожлантиришга $100 млн ажратди

Дата: 16:02, 07-12-2018.

Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – Sumitomo Mitsui Banking Corporation (SMBC) япон банки Ўзбекистонга интернетни ривожлантиришга $100 млн ажратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизматининг маълумот беришича, республика президентининг 2020 йилгача интернет тезлигини камида 10 баробар ошириш ва МДҲ давлатлари даражасига етказиш бўйича кўрсатмасига биноан, шунингдек, мамлакатда телекоммуникация тармоқлари ва ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида “Магистрал ва кўп тармоқли маълумотлар узатиш тармоғини кенгайтириш” ва “ИМС технологиясидан фойланган ҳолда коммуникация марказларини модернизация қилиш” каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шундан кейин маълум қилинишича, ушбу лойиҳаларнинг асосий пудратчиси Япониянинг Toyota Tsusho Corporation компанияси эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзмиллийбанк томонидан Япониядан етказиб беришни молиялаштириш масаласи ишлаб чиқилди.

“Хусусан, 2018 йил 5 декабрда Ўзмиллийбанкнинг бош биносида Sumitomo Mitsui Banking Corporation билан умумий қиймати $100 млн бўлган ҳамкорлик шартномаси имзоланди”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, шартнома Япониянинг етакчи банкларидан бири ҳисобланган SMBC ҳамда ушбу банк фаолият олиб борадиган мамлакатлардан, экспорт-кредит агентликлари (ЭКА) суғурта қопламаси асосида, савдо ва юқори технологик ускуналар ва хизматларни етказиб беришни кўзда тутувчи лойиҳаларни молиялаштиришни ўз ичига олади.

Шунингдек, томонлар япон йенасида клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш, синдикатлашган лойиҳаларни молиялаш ҳамда техник кўмак кўрсатиш ва ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришди.

 

Сурат манбаи: http://optimizm.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: