123

Япон банклари Ўзбекистонга маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтиришга $52,11 млн кредит ажратдилар

Дата: 17:29, 27-11-2018.

Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Япон банклари Ўзбекистонга маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтиришга $52,11 млн кредит ажратдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбектелеком” АК матбуот хизматининг маъумотига кўра, 23 ноябрда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япониянинг тижорат банклари кредитига хизмат кўрсатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 951-қарони қабул қилган.

Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ва Sumitomo Mitsui Banking Corporation (SMBC) иштирокида “Магистрал ва мультисервисли маълумотларни узатиш тармоғини кенгайтириш” ва “IMS (IP Multimedia Subsystem) технологияси бўйича коммутация марказларини модернизация қилиш” инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

Биринчи лойиҳа оптик каналларни зичлаш технологияси (DWDM) бўйича магистрал тармоқ рақамли ва радио-реле ускуналарини кенгайтиришни кўзда тутади.

Қарорга мувофиқ, Toyota Tsusho Corporation (Япония) компанияси ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тендерни ютиб олган.

“Магистрал ва мультисервисли маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш” лойиҳасининг умумий қиймати унинг DWDM технологияси бўйича магистрал тармоқларни кенгайтириш қисмида $56,01 млнни ташкил қилади. Япон банклари ушбу лойиҳани амалга ошириш учун $52,11 млн кредит маблағлари ажратдилар (JBIC – $44,3 млн ва SMBC – $7,81 млн)”, - дейилади хабарда.

Қарорда инвестлойиҳалар доирасида тузилган шартномаларнинг 15% SMBC кредити ва 85% JBICнинг имтиёзли кредити ҳисобига молиялаштирилиши кўрсатиб ўтилган.

Сурат манбаи: https://yk-news.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: