123

Йил бошидан бери Ўзбекистон ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмини 11,8% кўпайтирди

Дата: 10:41, 19-07-2016.

Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – 2016 йилнинг биринчи ярим йилида Ўзбекистонда ўзлаштирилган  инвестициялар ҳажмларини 11,8%, жумладан, хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмини 17,2% оширишга эришилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Натижада, мамлакатда жами қиймати $1,9 млрд бўлган 43та ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати $3,4 млрддан ортиқ бўлган 72та янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошиши таъминланди”, - деб таъкидланади ҳукуматнинг 2016 йилнинг биринчи ярим йили якунларига бағилшашланган мажлиси материалларида.

Инвестицияларнинг катта қисми инфраструктурани ривожлантиришга йўлналтирилди. Хусусан, Фарғона водийси вилоятларини республиканинг бошқа ҳудудлари билан тўғридан-тўғри темир йўл орқали боғлайдиган, 19,2 километр узунликдаги ноёб туннелга эга бўлган 123,1 километр узунликдаги электрлаштирилган Ангрен-Поп темир йўл линияси ишга туширилди. Самарқанд-Бухоро темир йўл линиясини электрлаштириш лойиҳаси ниҳоясига етказилмоқда.

Бундан ташқари, узунлиги 1250 километрдан ортиқ бўлган кенг полосали тола-оптик алоқа линиялари барпо этилди. Аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 68%га етказилди. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича 13 мингта якка тартибдаги уй-жойни қуриш ва фойдаланишга топширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг эътибори, энг аввало, маҳаллий, қишлоқ хўжалиги ва бошқа хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли, рақобатбардош ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларнинг янги замонавий турларини ишлаб чиқарувчи юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини ўз вақтида ишга туширишни таъминлаш юзасидан уларнинг шахсан жавобгар эканликларига қаратилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: