123

Ўзбек банкларининг умумий активлари 80,4 трлн сўмни ташкил қилди

Дата: 16:49, 29-03-2018.

Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – 2018 йилнинг 1 январига келиб ўзбек банкларининг умумий активлари 80,4 трлн сўмни ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида, хусусан, Марказий банки бошқаруви раиси Н.Нурмуратовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисидаги ҳисоботида сўз кетди.

“Банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини ва барқарорлигини янада кучайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот йилида тижорат банкларининг умумий капитали 2,3 баравар ошди ва 20,7 триллион сўмни ташкил этди. Тижорат банкларининг жалб қилинган депозитлари умумий ҳажми 22,3 трлн. сўмга ошди ва 58,7 трлн. сўмни ташкил этди. Банклар активларининг умумий ҳажми 15,2 трлн. сўмга ёки 23,3 фоизга ошди ва 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра 80,4 трлн. сўмни ташкил этди”, - деб иқтибос келтиради Сенат матбуот хизмати Марказий банк бошлиғининг сўзларидан.

2017 йилдаги устувор вазифаларни бажариш доирасида, деб давом этди Нурмуратов, тижорат банклари томонидан бир қанча кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Бунинг натижасида банкларнинг иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредит маблағлари қолдиқлари ҳажмлари 58 трлн. сўмга ошди ва 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 110,6 трлн. сўмга етди. “Шунингдек, ҳисобот йилида тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 16,1 триллион сўмлик кредитлар ажратилди, бу эса 2016 йилга нисбатан 1,3 баравар кўпроқдир”, - деб таъкидалади Марказий банк раҳбари.

Шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган тадбирлар натижасида 2017 йил давомида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2016 йилга нисбатан 23,3 фоизга ошди ва 19,6 трлн. сўмни ташкил этди, шу жумладан микрокредитлар 4 трлн. сўмни ташкил этди.

Умуман олганда, деб таъкидлади Нурмуратов, 2017 йилда банк тизимида кўрилган чора-тадбирлар Марказий банк пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш, банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, унинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги ролини кучайтириш ва инвестиция жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш имконини берди, шунингдек мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлигига таъсир кўрсатди.

Сурат манбаи: http://12news.uz/news/2012/08/24/ch-znhlqoxygtg-uyunigr-rocltnoo-uktu/

Янгилик билан ўртоқлашиш: