123

Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб онлайн НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланишга ўтади

Дата: 13:44, 26-11-2019.

Тошкент. 26 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб онлайн назорат-касса машиналаридан (НКМ) ва виртуал кассалардан фойдаланишга ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 23 ноябрь куни "Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалар тизимидан фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

"Нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари босқичма-босқич ўтказиш жадвалига мувофиқ: 2020 йил 1 январдан бошлаб алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармонлар, бензин, дизел ёқилғиси ва автомобиллар учун табиий газни сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтишлари шарт", - дейилади ДСҚ матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, ўтган йил якунларига кўра, йиллик айланмаси (даромади) 5 млрд сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 августдан бошлаб онлайн НКМ ёки виртуал кассалардан фойдаланишга ўтишга мажбур, ўтган йил якуни бўйича йиллик айланмаси (даромади) 100 млн сўмдан ортиқ ёки йил давомида белгиланган чегарага етган тадбиркорлик субъектлари 2021 йилнинг 1 январидан, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб эса барча тадбиркорлик субъектлари онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтишни бошлайдилар.

Қарорга кўра, 2021 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорларга ҳар бир онлайн НКМни сотиб олиш, ўрнатиш, ишга тушириш (асосий ҳисобланган қийматнинг 10 баробаридан кўп бўлмаган) билан боғлиқ харажатлар миқдори бўйича солиқ миқдорини камайтириш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, ДСҚ тадбиркорлик субъектларига виртуал кассанинг базавий қисмини бепул тақдим этади.

Сурат манбаи: rts.ch

Янгилик билан ўртоқлашиш: