123

Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаш ставкасини йиллик 14% даражасида қолдирди

Дата: 17:26, 08-02-2018.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки Бошқаруви томонидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгартирмасдан қолдириш бўйича қарор қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) банк матбуот хизматига асосланган ҳолда.

МБ маълумотларига кўра, 2017 йилнинг IV чорагида пул-кредит сиёсати инструментлари ва чораларини қўллашда асосий эътибор инфляцияни жиловлашга қаратилди.

“Қайта молиялаш ставкасининг 14 фоиз даражасида сақлаб қолиниши ва тижорат банклари томонидан кредит портфелларини шакллантиришда иқтисодий мезонларга тўлиқ риоя қилинишига қаратилган алоҳида эътибор натижасида иқтисодиётга ажратилаётган кредитлар ҳажми ва пул массасининг кескин ошиб кетиши олди олинди”, деб таъкидланади Марказий банк хабарида.

Шу билан бирга, пул массаси динамикасида давлат харажатлари ҳамда ташқи омиллар таъсирининг юқорилиги шароитларида қайта молиялаш ставкасининг янада оширилиши кутилган натижалар бермаслиги ва иқтисодиётнинг реал секторидаги фаоллик ва инвестицион жараёнларни сусайишига олиб келиши мумкин.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгартирмасдан қолдириш бўйича қарор қабул қилинди”, - дейилади МБ хабарида.

Шунингдек, банк тизимида ликвидлик ҳажми ошишининг давом этиши ва ортиқча ликвидликнинг вужудга келиши натижасида монетар омиллар таъсирида инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳолатлари юзага келганда Марказий банк пул-кредит сиёсатини янада қатъийлаштириш чораларини кўриши ҳам қайд этиб ўтилган.

Сурат манбаи: http://uz.utro.news/uzbekistana-sohranil-stavku-refinansirovaniya-urovne-18020809120015.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: