123

Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини йилига $5 млрдга етказиш ниятида

Дата: 11:31, 17-10-2019.

Тошкент. 17 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини йилига $5 млрдга етказишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни боғдорчилик соҳасини ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Таъкидланганидек, 2019 йилнинг 9 ойида мева-сабзавот экспорти қарийб $1 млрдга етди.

"Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Қибрай ва Тошкент туманларида 912 гектар ёки 20% боғлар, 164 гектар ёки 13% узумзорлар эскирган ёки паст рентабелликка эга. Бундан ташқари, 1400 гектар фойдаланилмаётган лалми ер, шунингдек, 4040 гектар ерда ғалла етиштирилганлиги аниқланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш учун бу соҳаларда 19 корхона ярим қувватда фаолият олиб бормоқда”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шу муносабат билан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган барча 55 та туманда янги тизим жорий этилиши таъкидланди. Жумладан, ушбу туманларда ўз маҳсулотларини чет элга ўз товар белгиси остида етказиб берувчи экспортчилар, шунингдек, қайта ишлаш корхоналари иштирокида кооперативлар ташкил этилади. Экинларни жойлаштириш кооперативларнинг таклифлари асосида амалга оширилади, улар боғлар ва узумзорлар учун кўчатлар етказиб беришга, ҳосилдорликни оширишга ёрдам беради. Шу билан бирга, боғдорчилик соҳасида ихтисослашган ҳар бир туманда агротехникани ўқитиш учун ўқув марказларини очиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги тизимни жорий этиш ва кооперативларни молиялаштириш бўйича аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

"Йиғилишда белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг якуний мақсади мева-сабзавот экспорти ҳажмини йилига $5 млрдга етказишдан иборат", - деб қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: nart.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: