123

Ўзбекистон нефт-газ соҳасига Хитой фондининг $580 млндан ортиқ маблағини жалб этди

Дата: 14:36, 23-10-2019.

Тошкент. 23 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон нефт-газ соҳасига Хитой фондининг $580 млндан ортиқ маблағини жалб қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

22 октябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Хитойнинг Ипак йўли фонди (Хитой) президенти Ван Яньчжи раҳбарлигидаги делегацияси билан ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва уни ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқиш учун учрашув бўлиб ўтди.

"Нефт-газ соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва Хитой томони ўртасида, биринчи навбатда, Ипак йўли фонди томонидан июль ойида $585 млнлик кредит шартномаси имзоланди", - дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, октябрь ойининг ўрталарида ҳамкорлик фаолияти доирасида биринчи молиявий транш амалга оширилди ва эришилган келишувларни келажакда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашувда энергетика соҳасининг барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни ташкил этиш бўйича таклифларни биргаликда тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди.

Маълумот учун: Ипак йўли фонди – инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, савдо ҳамкорлигини соддалаштириш ва "21 асрнинг бир макон, бир йўли" ташаббуси доирасида молиялаштиришни таъминлайдиган Хитой инвестиция фонди ҳисобланади. Жамғарманинг умумий капитали тахминан 40 миллиард долларга тенг.

Сурат манбаи: t.me/minenergy_uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: