123

Ўзбекистон пуллик туннел ва автомобил йўллари билан таъминланади

Дата: 15:12, 11-12-2019.

Тошкент. 11 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон пуллик туннел ва автомобил йўллари билан таъминланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу президентнинг 9 декабрдаги "Йўл тармоғини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида тасдиқланган йўл харитасида назарда тутилган. Ҳужжат 2020-2022 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг доирасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шароитида иккита пуллик туннел ва учта тезюрар магистрал қурилиши режалаштирилган.

Биринчи туннел Қамчиқ довонида қурилади, 2022 йил мартгача тендер ғолиби билан шартнома имзолаш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг техник ҳамкори Бутунжаҳон банки (ББ) томонидан амалга оширилади. Иккинчи туннел Тахтакарачи довонида қурилади, тендер ғолиби билан келишув 2021 йил май ойида имзоланиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг ҳамкори Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бўлади.

Шунингдек, йўл харитасида "Сирдарё – Бахт", "Тошкент – Самарқанд" ва "Тошкент – Андижон" учта пуллик йўл қурилиши кўзда тутилган. Уларни қуриш учун тендер ғолиблари билан шартномалар 2021 йилнинг баҳорида имзоланиши керак.

Сурат манбаи: 500-555.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: