123

Ўзбекистон Роғун ГЭС қурилиши муносабати билан Тожикистонга расмий хат жўнатди

Дата: 12:59, 20-07-2016.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – 19 июл куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Роғун ГЭС қурилиши муносабати билан ёзилган мактуби топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода номига йўлланган мактубда Ўзбекистон яна бир бор қурилиш майдонида ўтказилган бир қатор тадқиқотлар, энг аввало, Жаҳон банки шафелигида олиб борилган лойиҳанинг халқаро комплекс экспертизасида Роғун ГЭСи бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан таҳдидларни келтириб чиқариши тасдиқлангани, қўшни мамлакатлар раҳбарияти ва экспертлари баёнотларида бу ҳақда бир неча маротаба қайд этилгани ва Тожикистон ҳукуматига хабар қилинганига такроран эътибор қаратади.

“Айнан шу сабабдан мазкур лойиҳа ортидаги улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хатарларни англаган ҳолда Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялашда иштирок этишдан воз кечган эди. Барпо этилаётган Роғун ГЭСи лойиҳаси 35 йилдан зиёдроқ аввал, 70-йиллардаги совет гигантоманияси даврида ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги замонавий талаблар ва тажрибалар уни тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда”, - дейилади мактубда.

Ўзбекистоннинг фикрига кўра, баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан миқёсли ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9-10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган $3,9 млрддан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган.

“Тожикистон ҳукуматининг қандай қилиб бўлса ҳам Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришга бўлган интилиши эҳтимолий хавфлар ва тожик томонидан ташланаётган хатарли одимларнинг ўнглаб бўлмас оқибатларидан хавотирланмасликнинг иложи йўқ”, - деб таъкидланади хатда.

Ўзбек томони фикрига кўра, Тожикистон раҳбарияти мамлакат энергия таъминотидаги мушкул муаммоларни Тожикистон ҳудудидаги кўп сонли дарё ва сув манбаларидан фойдаланган ҳолда кичик ва ўртача ГЭСлар қуриш йўли билан ҳал этиши мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: