123

Ўзбекистон сув танқислиги юқори бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилди

Дата: 13:48, 08-08-2019.

Тошкент. 8 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон сув танқислиги юқори бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Жаҳон ресурслари институти (WRI) маълумотларига кўра, Ўзбекистон сув танқислиги бўйича дунёдаги 164 мамлакат рўйхатида 25-ўринни эгаллади.

WRI тадқиқотига кўра, Ўзбекистон сув танқислиги юқори бўлган 27 мамлакат рўйхатида. Улар орасида Қирғизистон, Афғонистон, Арманистон, Туркия, Италия ва бошқа давлатлар бор. Шундай қилиб, Ўзбекистон рейтингнинг 8-қаторидалиги маълум бўлди.

Тадқиқот сув танқислигини, шунингдек, қурғоқчилик ва дарё тошқинлари хавфини баҳолади. Қатар, Исроил, Ливан, Эрон, Иордания, Ливан, Қувайт, Саудия Арабистони, Эритрея, БАА, Сан-Марино, Баҳрайн, Ҳиндистон, Покистон, Туркманистон, Уммон ва Ботсвана каби мамлакатлар фавқулодда сув танқислиги кузатиладиган давлатлар рўйхатига киритилган.

Ушбу давлатларда қишлоқ хўжалиги, саноат ва муниципалитетлар ҳар йили ер юзи ва ер ости сувларининг ўртача 80 фоизини истеъмол қилади. Фавқулодда сув танқислигига дуч келган 17 мамлакатнинг 12 таси Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада жойлашганлиги аниқланди. Бу минтақа иссиқ ва қуруқ, шунинг учун сув ресурслари аввалдан бой эмас эди ва ўсиб бораётган талаб вазиятни янада оғирлаштирди.

Ўткир сув танқислиги муаммосини ҳал қилишда ёрдам берадиган бошқа усуллар қаторида, тадқиқотчилар қишлоқ хўжалигининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, кулранг ва яшил инфратузилмага инвестиция қилишни таклиф қилишади.

Сурат манбаи: medikforum.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: