Ўзбекистон Толимаржон ИЭСни приватизация қилишга БААдан компанияни жалб қилади
Тошкент. 1 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистон Толимаржон иссиқлик электростанциясини (ИЭС) приватизация қилишга БААдан компанияни жалб қилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"30 июнь куни инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида амирлик «Mubadala Utilities» компанияси раҳбарияти, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва энергетика вазирлиги вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Бу йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувни амалга ошириш доирасида Толимаржон ИЭСни хусусийлаштириш масаласи кун тартибида бўлди", - дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Учрашув давомида электр станциясини хусусийлаштириш ва қувватларини кенгайтириш концепцияси тақдим этилди, шунингдек, битимни амалга оширишнинг молиявий механизмлари ва тегишли ҳуқуқий битимлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Концепция электр станциясининг операцион фаолияти ва техник параметрларини батафсил ўрганиш мақсадида Толимаржон ИЭСига делегациянинг илгари амалга оширилган иш сафари давомида олинган маълумотлар асосида ишлаб чиқилди.
"Музокаралар якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг асосий масалалари бўйича фикр юритдилар. 2019 йил охирига қадар инвестиция битимини имзолаш режалаштирилмоқда", - деб якунланади хабар.
Сурат манбаи: t.me/MIFT_UZ


