Ўзбекистон цемент заводлари ҳаво ифлосланишини назорат қилишни режалаштирмоқда

Тошкент. 27 ноябрь ЎзТАГ – Ўзбекистон цемент заводлари ҳаво ифлосланишини назорат қилишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Республикада фаолият кўрсатаётган барча цемент ишлаб чиқариш корхоналарини 2022 йил 1 январга қадар атмосфера ҳавосининг ифлосланиш манбаларида намуналарни танлаш ва таҳлил қилиш бўйича автоматлаштирилган станциялар, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан унга туташ ҳудуддаги стационар кузатув (постлар) пунктлари ўрнатиш мажбурияти юклатилсин", - дейилади Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ҳукумат қарори лойиҳасида (ID-10535).
Қайд этилганидек, ушбу талаб бажарилмаган тақдирда заводларга нисбатан уларнинг фаолияти тўхтатилгунга қадар чоралар кўрилади.
Бундан ташқари, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни ифлосланиш манбалари мониторингини олиб борадиган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатига киритиш талаб этилади.
Сурат манбаи: isicad.ru