123

Ўзбекистон ва Германия янги йўналишлар бўйича қўшимча авиарейсларни очишни режалаштирмоқда

Дата: 16:08, 07-08-2019.

Тошкент. 7 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Германия янги йўналишлар бўйича қўшимча авиарейсларни очишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"6 август куни Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Набижон Қосимов ГФР транспорт ва дигитализация Федерал вазирлиги давлат котиби Гуидо Берман билан учрашди", - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, музокаралар чоғида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида ўзбек-немис ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди. Ҳаво, темир йўл ва автомобил транспорти соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро ихтисослашган тадбирларда немис экспертларининг иштироки истиқболлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, темир йўл транспорти соҳасида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва «Deutsche Bahn AG» компанияси ўртасида эришилган келишув асосида немис экспертлари Ўзбекистон ҳамкорларига мамлакатимиз темир йўл инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича маслаҳат берадилар.

"Сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошганини ҳисобга олган ҳолда, томонлар Ўзбекистон билан Германия ўртасида янги йўналишлар бўйича қўшимча авиарейсларни очиш масалаларини муҳокама қилдилар", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистондаги тегишли идоралар ва республикада йўл инфратузилмасини ривожлантириш концепциясини тайёрлаш жараёнига жалб қилинган ихтисослаштирилган немис компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришдан, мутахассислар малакасини оширишдан ва бошқа масалалардан мамнун эканликларини билдирдилар.

Учрашув доирасида илғор немис тажрибасидан фойдаланган ҳолда йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича фаол ҳамкорлик қилишдан манфаатдор экани қайд этилди. Шу муносабат билан икки томонлама маслаҳатларни мунтазам равишда давом эттиришга келишиб олинди.

Сурат манбаи: mirpozitiva.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: