123

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришга ариза онлайн тарзда қабул қилинади

Дата: 12:38, 18-02-2019.

Тошкент. 18 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2019 йил 1 апрелдан ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ҳужжатларни онлайн тарзда қабул қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ишни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали амалга ошириш мумкин бўлади. Янгилик бутун мамлакат бўйлаб йўлга қўйилади ва фуқаролар учун қулайлик яратишни кўзда тутади.

Хизматдан фойдаланиш учун давлат хизматлари маркази орқали тақдим этиладиган электрон рақамли имзо лозим.

Тошкент ИИББдан хабар қилишларича, бунга доир тегишли қарор Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Адлия вазири Русланбек Давлетовларнинг Ўзбекистон президентининг “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча ора тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 11 апрелдаги ПҚ-3662 қарори асосида имзолаган қарори билан кўзда тутилган.

Ариза онлайн тарзда топширилган вақтда аризачининг сурати ИИВ маълумотлар базасидан олинади. Агар аризачи ҳайдовчилик гувоҳномасида янги суратини кўришни истаса, у давлат хизматлари марказига ташриф буюриши лозим бўлади.

Тизим киритилган маълумотларни текширганидан сўнг давлат божини тўлаш учун квитанция шакллантирилади. Ҳайдовчилик гувоҳномаси тайёр бўлгач, ҳужжатни олиш учун Давлат хизматлари марказига ташриф буюриш зарур бўлади.

Сурат манбаи: my.gov.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: