123

Ўзбекистонда айрим фуқароларнинг паспорт амал қилиши тўхтатиб турилишига рухсат берилди

Дата: 12:33, 30-08-2019.

Тошкент. 30 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда айрим фуқароларнинг паспорт амал қилиши тўхтатиб турилишига рухсат берилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Президент 2019 йил 28 августдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 558-сонли қонунни имзолади. Қонунга мувофиқ, жиноят-процессуал кодексида паспорт (ҳаракатланишт ҳужжати)нинг амал қилишини тўхтатиб туриш бўйича норма жорий этилди", – дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, ҳозирда қидирувда бўлган айбланувчи ёки судланувчи чет элга чиқиши ёки паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) ёрдамида чет элга кўчирилиши мумкинлигига ишониш учун асослар мавжуд бўлса, ушбу паспортнинг амал қилиши суд тартибида тўхтатилиши мумкин.

"Паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш айбланувчини,судланувчини суриштирувдан, дастлабки тергов ва суддан қочишнинг олдини олиш, унинг кейинги жиноий фаолиятига тўсқинлик қилиш, ҳукмнинг ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилади", – дейилади хабарда.

Паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш – паспорт, биометрик паспорт, чет элга чиқиш учун биометрик паспорт ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилишини вақтинча тўхтатиб туриш деганидир.

"Бунда паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш фақат давлатлараро ёки халқаро қидирувга эълон қилинган айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қўлланилади", – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, паспорт амал қилишини тўхтатиб туриш Ўзбекистон фуқаролигининг тугатилишига ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳуқуқий мақомини бекор қилишга олиб келмайди.

Сурат манбаи: akchabar.kg

Янгилик билан ўртоқлашиш: