123

Ўзбекистонда бюджетдан маош олувчилар орасида энг кам иш ҳақи 701,7 минг сўмга тенг

Дата: 16:33, 29-05-2018.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бюджетдан маош олувчилар орасида энг кам иш ҳақи 701,7 минг сўмга тенг бўлиб, уни болалар боқчаси тарбиячиси олади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) молия вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда.

Хусусан, муассаса маълумотига кўра, умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчисининг (малака тоифаларисиз) иш ҳақи 1 618,8 минг сўмни ташкил этади. Умумтаълим мактабларидаги ҳудди шундай қўшимча тўловларга эга бўлган олий тоифали бошланғич синф ўқитувчисининг иш ҳақи олий тоифа учун қўшимча тўловларни қўшиб ҳисоблаганда 1 908,8 минг сўмни ташкил этади.

Олий маълумотга эга, малака тоифасиз, бир ставкада ишловчи (ҳафтасига 36 соат) мактабгача таълим муассасаси тарбиячисининг иш ҳақи моддий рағбатлантириш жамғармасидан 15% устама билан қўшиб ҳисоблаганда 999,2 минг сўмни ташкил этади. Бир ставкада ишловчи тарбиячи ёрдамчисининг иш ҳақи моддий рағбатлантириш жамғармасидан тўланадиган 15%лик устама билан бирга 701,7 минг сўмни ташкил этади.

Олий таълим муассасасининг илмий даражага эга бўлмаган катта ўқитувчисининг базавий лавозим маоши 2 085,4 минг сўмни ташкил этади. Махсус моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан ўртача 15% 312,8 минг сўм ва гуруҳ кураторлиги учун (агар кураторлик амалга оширилса) 25% 521,3 минг сўм устамаларни ҳисобга олганда ушбу катта ўқитувчининг ойлик иш ҳақи 2 919,6 минг сўмни ташкил этади.

Фан доктори илмий даражасига эга бўлган олий таълим муассасаси профессорининг базавий лавозим маоши 2 408,8 минг сўм бўлиб, барча устамаларни ҳисобга олганда ойлик иш ҳақи 3 372,3 минг сўмни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, ҳудди шундай устамаларни олаётган илмий даражага эга бўлмаган олий таълим муассасаси катта ўқитувчисининг иш ҳақи 3 080,0 минг сўмни ташкил этади ёки 5,5%га ошади, фан доктори илмий даражасига эга бўлган олий таълим муассасаси профессорининг иш ҳақи эса 4 844,0 минг сўмни ташкил этиб, 43,6%га оширилади.

Таъкидланишича, малака тоифасига эга бўлмаган қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокорининг иш ҳақи 1 297 минг сўмга етади. Ҳудди шундай миқдордаги устмаларни олувчи олий тоифали умумий амалиёт шифокорининг иш ҳақи эса 37%га кўпроқ ёки 1 774 минг сўмга етади.

Малака тоифасига эга бўлмаган патронаж тиббиёт ҳамшираси устама билан 775,6 минг сўмни ташкил қилади. Агар ушбу тиббиёт ҳамширасининг олий тоифаси бўлганда, унинг иш ҳақи 53%га кўпаяди ёки 1 190,8 минг сўмни ташкил қилади.

Малака тоифасига эга бўлмаган шифокор-хирургнинг тариф ставкаси тузатиш коэффициенти билан 989,6 минг сўмни ташкил этади. Олий тоифага эга бўлган шифокор-хирургнинг иш ҳақи эса – 1 827,1 минг сўмга тенг.

Сурат манбаи: https://www.azernews.az/region/117615.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: