Ўзбекистонда давлат органларининг АКТ бўйича ходимлари маошининг 100% миқдорида устама оладилар
Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда давлат органларининг ахборот-коммуникация технологияларини (АКТ) жорий этиш учун масъул ходимлари маошининг камида 100% миқдорида устама оладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 февралда имзоланган “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.
“Давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларига бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланади”, - дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг АКТни ривожлантиришга масъул бўлган бўлинма раҳбарлари ҳар йил якунлари бўйича Вазирлик қарори асосида ахборот тизимлари, электрон давлат хизматлари ва ахборотлаштиришни жорий этиш режалари ва дастурларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилганлиги учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда мукофотланади.
1ЭКИҲМ=172,240 сўм
Сурат манбаи: http://www.j5consulting.co/information-technology-solutions/


