123

Ўзбекистонда инфляцион таргетлашга босқичма-босқич ўтиш 2020 йилдан бошланади

Дата: 11:31, 20-11-2019.

Тошкент. 20 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда инфляцион таргетлашга босқичма-босқич ўтиш 2020 йилдан бошланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Марказий банк (МБ) 2020 йил 1 январдан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтказилишини таъминласин, бунда инфляцияни 2021йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз инфляция бўйича доимий мақсад (таргет)ни белгилаб берсин", - дейилади президентнинг "Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш билан пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида" фармонида.

Бундан ташқари, инфляция даражасини пасайтириш ва нарх барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузиш топширилди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари томонидан янги бериладиган кредитларнинг (миллий валютада), шу жумладан, давлат дастурлари доирасида ажратиладиган барча турлари бўйича фоиз ставкалари МБнинг қайта молиялаш ставкасидан паст бўлмаган даражада белгиланади, ипотека кредити бўйича давлат дастурлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан имтиёзли фоиз ставкалари бўйича кредитлар бериш амалиёти бекор қилиниб, тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқини, зарур ҳолларда, фоиз харажатларининг бир қисмини компенсациялаш механизмларини жорий этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Сурат манбаи: yango.pro

Янгилик билан ўртоқлашиш: