123

Ўзбекистонда тиббий-ижтимоий муассасалар сони 62 кўпайтирилади

Дата: 16:23, 04-05-2018.

Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги тиббий-ижтимоий муассасалар сони 10 донага кўпайтирилиб, 62тага етказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шу билан бирга, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олиш кўрсаткичи қарийб юз минг нафарга тенг бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бу Ўзбекистон Президентининг “2018-2022 йилларда тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва жиҳозлаш, уларнинг ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қабул қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қарори лойиҳаси билан кўзда тутилган.

Бугунги кунда аҳолининг ушбу қатламига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 11 та реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари, 8 та санаторий хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 33 та “Мурувват” ва “Саховат” уйлари фаолият юритяпти. Ушбу тиббий-ижтимоий муассасалар ҳозирда қарийб 70 мингга яқин эҳтиёжманд инсонларни қамраб олмоқда.

Янги лойиҳа, хусусан, “Мурувват” ва “Саховат” уйларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бу борадаги илмий изланишларни чуқурлаштириш, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сифатини тубдан яхшилаш ва турларини кенгайтиришни ўз ичига олади.

Лойиҳада бу мақсадларга жами 429,2 млрд сўм ва $42,0 млн йўналтирилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамизки, статистикага мувофиқ, Ўзбекистонда 670 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бор шахслар ҳаёт кечирмоқда.

2017 йил якунлари бўйича аҳолининг эҳтиёжманд қатламларидан 100 минг нафар фуқароларга турли хилдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлиги бўлган 15 минг нафар шахсларга уйларида ижтимоий хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилди. 19,5 минг нафар эҳтиёжманд фуқаролар реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди.

Шунингдек, 35 минг нафар пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар санаторияларда соғломлаштирилди. 20 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация хизматлари кўрсатилди.

$1=8068,20 сўм

Сурат манбаи: http://1news.uz/technology/uzbekistan-naladit-vypusk-slojnogo-medicinskogo-oborudovaniya/

Янгилик билан ўртоқлашиш: