123

ЖБ давлат корхоналарини ислоҳ қилиш учун Ўзбекистонга $33 млн ажратди

Дата: 17:33, 27-05-2019.

Тошкент. 27 май. ЎзТАГ – Жаҳон банки (ЖБ) давлат корхоналарини ислоҳ қилиш учун Ўзбекистонга $33 млн ажратди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"ЖБ ижрочи директорлари кенгаши Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтишга кўмаклашадиган янги лойиҳани маъқуллади, шунингдек, мамлакат фуқаролари учун кўпроқ иқтисодий имкониятлар ва юқори сифатли иш ўринлари яратади. Халқаро тараққиёт ассоциацияси (МАР – ЖБ гуруҳи таркибидаги ташкилот) томонидан тақдим этилган $33 млнлик кредит Ўзбекистонда институционал салоҳиятни ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади", - дейилади банк матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан ЖБ гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланадиган иқтисодий ислоҳотлар комплекс дастурининг муҳим таркибий қисми сифатида амалга оширилади. Давлат молиясини бошқариш соҳасида лойиҳа давлат бюджетини шакллантириш, инвестицияларни бошқариш, ғазначилик тизими фаолияти, бухгалтерия ҳисоби усуллари, ички назорат тизимлари ва ички аудит соҳасидаги салоҳиятни мустаҳкамлаш имконини беради.

Бундан ташқари, лойиҳа давлат корхоналарини самарали бошқариш ва назорат қилиш, давлат-хусусий шериклик тизимини (ДХШ) ва ушбу соҳадаги тегишли Қонунчилик базасини ривожлантириш, шунингдек, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва ДХШ доирасидаги битимларга тайёрлаш учун салоҳиятни ошириш ва воситаларни яратишга қаратилган.

"Лойиҳа Ўзбекистон президенти ҳузурида 2019 йил январь ойида ҳукумат иқтисодий ислоҳотларини мувофиқлаштириш учун ташкил этилган иқтисодий кенгаш фаолиятига кўмаклашади", - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ЖБ Ўзбекистонга умумий қиймати $3,5 млрддан ортиқ 20 лойиҳани амалга ошириш, шунингдек, мамлакат ҳукуматига таҳлилий ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш орқали ёрдам беради.

Сурат манбаи: ca-news.org

Янгилик билан ўртоқлашиш: