123

Жиззахда тиббий кластер яратилади

Дата: 17:31, 04-10-2019.

Тошкент. 4 октябрь. ЎзТАГ – Жиззахда тиббий кластер яратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, "Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида замонавий тиббий кластер ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори қабул қилинди (838-рақамли, 02.10.2019 й.).

"Қарорга мувофиқ, аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида ушбу ҳудудда замонавий тиббий кластер яратиш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳани амалга ошириш учун масъул бўлган "Medical care cluster" МЧЖ ташкил этилади, – дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, 2022 йил 1 январга қадар лойиҳа доирасида жалб этилаётган корхона ва пудратчи ташкилотлар республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича тиббий кластер фаолиятини қуриш, жиҳозлаш ва таъминлаш учун мўлжалланган материалларни олиб киришда юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи ва қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС), божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари тиббиёт кластери фаолиятини ташкил этиш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан озод этилади.

Сурат манбаи: tedo.com.ua

Янгилик билан ўртоқлашиш: