“Қадимий Бухоро” туристик ҳудудини Bouygues француз компанияси қуради
Тошкент. 8 октябр. ЎзТАГ – “Қадимий Бухоро” туристик ҳудудини Bouygues француз компанияси қуради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизматининг хабар қилишича, Bouygues компанияси билан туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 100 миллион евролик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битим 5 октябр куни Парижда (Франция) ўтказилган ўзбек-француз бизнес форумида имзоланди.
“Битим давлат раҳбари ташаббуси асосида қабул қилинган “Буҳоро шаҳри ва вилоятининг 2017-2019 йиллар давомида туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш дастури”га асосан “Қадимий Буҳоро” туризм ҳудудини қуришни ўз ичига олади. Лойиҳа 10 гектар ҳудудда меҳмонҳоналар, савдо-кўнгилочар маркази, ресторанлар, сара уй комплекси, ландшафт боғларини барпо қилишни назарда тутади”, - дейилади хабарда.
Битим доирасида француз компанияси лойиҳалаштириш ва қурилишдан ташқари, бу йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун янги инвесторларни излаш ва қурилган объектларни бошқаришда кўмаклашади.
Бундан ташқари, Bouygues Ўзбекистоннинг бошқа туризм шаҳарларида меҳмонҳоналар ва курортлар тизими лойиҳаларини босқичма-босқич амалга оширишни режалаштирган.
Қайд этилишича, имзоланган битим Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, унинг самарадорлигини ошириш, маданий мероснинг ноёб объектларини сайёҳларнинг кенг қатламига таништириш учун қулай шароитларни яратиш, замонавий туризм инфратузилмасини тезкор ривожланишини таъминлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Bouygues Batiment International SAS – Франциянинг 1952 йилда ташкил қилинган йирик қурилиш компанияларидан биридир. “Буиг” компанияси барпо қилган иншоотлар орасида – Ла-Манш остидаги тоннел, Дефанс аркаси, Шарл де Голл номидаги аэропортнинг 2-терминали, автострадалар ва бошқа объектлар бор. Компания капитали 25 млрд еврога тенг.
Сурат манбаи: из https://www.gtreview.com