“Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти иштирокчилари Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашишга келишиб олдилар

Дата: 11:31, 14-01-2019.

Тошкент. 14 январ. ЎзТАГ – “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти иштирокчи-мамлакатлари ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашишга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).   

“2019-йилнинг 12-13-январ кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Самарқанд Форумлар саройида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж раислик қилдилар.

Мулоқотнинг алоҳида ялпи сессиясида Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салаҳиддин Раббоний бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Ялпи сессияда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Чингиз Айдарбеков, Бейбут Атамқулов, Сироджиддин Муҳриддин, Рашид Мередов икки ва кўп томонлама шаклларда Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.

Қайд этилишича, тадбирда ўзаро савдо ўсишига кўмаклашиш чоралари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётига сармоя, инноватсия, технологияларни жалб қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, Марказий Осиё давлатларининг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш, туристик сафарларни ошириш, шунингдек, илм-фан, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида муайян қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунинглек, делегациялар раҳбарлари нутқларида БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолютсиясини инобатга олган ҳолда ёшларга оид қўшма лойиҳаларни амалга оширишга асосий эътибор қаратилди.

“Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари Афғонистоннинг нуфузли делегацияси иштирокини маъқулладилар ҳамда мамлакатни минтақа ва жаҳон иқтисодий алоқалари тизимига жалб этишга хозмат қиладиган қўшма инфратузилма, транзит-транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидладилар”, - деб қайд этилади хабарда.

Бундан ташқари, 2019-йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясини (RЕССА VIII) ўтказишга тайёргарлик доирасида ҳамкорлик қилишга томонлар ҳозир эканликлари тасдиқланди.

Делегациялар раҳбарлари Мулоқот иштирокчи давлатлари ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни фаоллаштириш, маданий тадбирлар, Афғонистон билан таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга улкан салоҳият мавжудлигида эътибор қаратдилар, халқаро ёшлар форумлари, фестиваллар, танловлар, илмий анжуманлар, кўргазмалар ва бошқа қўшма тадбирларда Афғонистон томонининг иштирок этишига кўмаклашиш истагини изҳор этдилар.

“Таъсис Саммити якунларига кўра Қўшма баёнот қабул қилиниб, унда ташқи ишлар вазирлари даражасида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти жорий этилганлиги тўғрисида маълум қилинди”, - дейилади хабарда.

Ташқи ишлар вазирлари даражасида мунтазам равишда Мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек, Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Вазир Сушма Сваражнинг навбатдаги вазирлар учрашувини 2020-йили Ҳиндистонда ўтказиш таклифи маъқулланди.

Сурат манбаи: https://mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: