“Қўғирчоқ” немис овозсиз фильми Бухоро, Қарши ва Термизда намойиш этилади

Дата: 13:15, 23-11-2018.

Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – “Қўғирчоқ” немис овозсиз фильми “Сўғдиёна” халқ чолғулари давлат камер оркестри ҳамроҳлигида Бухоро, Қарши ва Термизда намойиш этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, дейилади матбуот-релизида, Ўзбекистон Маданият Вазирлиги кўмагида барча истовчиларни Эрнст Любичнинг 1919 йилда суратга олинган фильмини томоша қилишга таклиф қилади.

“Ушбу фильмнинг премьера намойиши “Сўғдиёна” ўзбек халқ чолғулари давлат камер оркестри учун оркестр дирижёри ва бадиий раҳбари, профессор Фируза Абдураҳимова томонидан йиғилган ва қайта ёзилган мусиқий композиция ҳамроҳлигида бўлиб ўтади”, - дейилади хабарда.

Бир соат давом этадиган ушбу комедия бой бир бароннинг пулини мерос қилиб олиш учун албатта уйланиши керак бўлган жияни ҳақида ҳикоя қилади. Ҳеч кимга уйланишни истамаган жиян мажбурият туфайли инсонга ўхшаш қўғирчоққа уйланишга қарор қилади.

“Аммо машҳур қўғирчоқ устасининг қўғирчоғи тўсатдан бузилиб қолса, нима қилиш керак? Бу вазиятда қўғирчоқчининг қисқа муддат қўғирчоқ ролини бажонидил бажаришга розилик билган қизи ёрдамга келади. Бироқ, жиян бу ҳақида ҳеч нарса билмайди...”, - дейилади хабарда.

Фильм премьераси 24 ноябр соат 17.00да Бухоро вилоят мусиқали драма театрида, 26 ноябр соат 17.00 да Қарши шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида ва 28 ноябр куни соат 17.00 да Термиз шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтади.

“Томошаларга кириш бепул. Фильм ўзбек тилига таржима билан намойиш этилади”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: https://egemen.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: