“Қишлоқ қурилиш банк” ўзбек банки янги онлайн хизматни тақдим қилди
Тошкент. 3 июл. ЎзТАГ – “Қишлоқ қурилиш банк” акционерлик-тижорат банкида жисмоний шахслар учун янги “Депозит-банкинг” онлайн хизмати йўлга қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Депозит банкинг” мобиль дастури банк омонатчилари – жисмоний шахсларга банк муассасаларига келмасдан шахсий мобиль телефонлари орқали, ўз талаб қилиб олгунча ва муддатли омонат ҳисобрақамларидаги маблағлар доирасида омонатларга ҳисобланган фоизларни чиқим қилиш ҳамда муддати тўлган омонатларни тўлиқ ёки қисман қайта расмийлаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, банк малумотига кўра, “Депозит банкинг” мобиль дастури ёрдамида банк омонатчилари ўз омонатлари муддати якунлангани ҳақида доимий равишда СМС-хабарлар олиб туришлари мумкин.
Бугунги кунда банк томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мижозларга кўрсатилаётган замонавий хизматлар турлари “Интернет банкинг”, “Мобиль банкинг” ва “СМС-банкинг” (масофавий банк хизматлари) хизматларини ўз ичига олади.
2017 йилнинг 1 июнига келиб “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ тизимида 42 филиал, 43 минибанк ва 176 пунктлар фаолият юритмоқда. Улар 794 мингдан зиёд юридик ва жисмоний шахсларга кенг турдаги банк хизматлари кўрсатишмоқда.


