Қўл жанги бўйича жаҳон чемпионати ўзбекистонликларга 5 медал олиб келди

Дата: 10:48, 24-04-2015.

Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – Қўл жанги бўйича Ўзбекистон термаси Москвада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 5 медални қўлга киритди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Шарқ якка курашларини ривожлантириш марказидан хабар қилишларича, ушбу мусобақа икки йилда бир марта ўтказилади. Жорий йилда учинчи жаҳон чемпионати ўтказилиб, унда 40 мамлакат вакиллари қатнашди.

Олтин медалларни эндиликда икки карра ҳажон чемпиони Одил Сирожиддинов (-80 кг) ва Шахбоз Турсуновлар (-55 кг) қўлга киритдилар. О.Сирожиддинов барча тўрт жангни нокаут билан якунлади, улардан бирида жангни 37 секундда тугаллаб янги рекорд ўрнатди.

Абдужалол Хожимуродов (-85 кг) чемпионатнинг кумуш совриндори бўлди. Бронза медаллар Муса Маметов (- 60 кг) ва Бобур Раҳматовлар (-75 кг) томонидан олинди.

Ўзбекистон Қўл жанги федерацияси бош тренери Асад Ўриновнинг сўзларига кўра, чемпионат якунлари бўйича мамлакат термаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринда эса мезбон Россия термаси. Эндиликда терма жамоа Қозоғистонда Осиё чемпионатида қатнашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: