Қўқон жаҳон ҳунармандлари шаҳри мақомига сазовор бўлди

Дата: 12:36, 14-03-2019.

Тошкент. 14 март. ЎзТАГ – Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри мақомига эга бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (УзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ушбу мақом Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчиси Баҳром Аълоевнинг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича жаҳон ҳунармандлар кенгаши (WCC-APR) президенти Гада Каддуми билан 11 март куни бўлиб ўтган учрашувда эришилди. Томонлар икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилдилар.

“Музокаралар якунида бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри мақомини олган Қўқон биргаликда иш бошлаш ҳақида келишувга эришди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, “Ҳунарманд” уюшмаси 2019 йилнинг март ойидан бошлаб WCC аъзолигига қабул қилинди. WCCга аъзо бўлиш ўзбек ҳунармандларига халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, уларнинг хорижда кўргазмаларини ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратади.

Шунингдек, Ўзбекистон 2019 йилнинг сентябрь ойида Қўқонда Халқаро ҳунармандлар фестивалини ўтказади.

Сурат манбаи: mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: