“Ўзагросуғурта” CRM тизимини жорий этмоқда

Дата: 11:43, 01-07-2015.

Тошкент. 1 июл. ЎзТАГ – 2015-2020 йилларда “Ўзагросуғурта” давлат-акционерлик суғурта компанияси (ДАСК) маълумотларни марказлашган ҳолда автоматик қайта ишлаш CRM тизимини жорий қилишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Компания томонидан ўтказилган матбуот анжумани ушбу мавзуга бағишланди. Лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, компания барча суғурта турларини BPMONLINE CRM платформасига ўтказиш учун дастурий таъминот бўйича дунёдаги такчилардан бири TERRASOFT ширкати билан шартнома тузилган. 2015 йил охирига қадар тизим тўлиқ ишга туширилиши керак.

VOIP телефония лойиҳасини ишга тушириш бўйича ушбу соҳада етакчи ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу лойиҳанинг сўнгги босқичлари бўйича ишлар олиб борилмоқда ва жорий йилнинг июл-август ойларида синов тарзида тизим ишга туширилиши режалаштирилган.

Ҳозирда компанияда Tas-IX тармоғини жорий қилиш бўйича тайёрлов ишлари кетмоқда. “Ўзагросуғурта” ДАСК туман ва шаҳар бўлимлари билан хизмат маълумотларини тезкор алмашишга имкон берувчи маҳаллий тармоқ жорий этилган.

Маълумотларни марказлашган ҳолда автоматик қайта ишлаш тизимини қўллаш орқали ходимларнинг минимал иштирокида буюртмачиларнинг ўзига хос талабларини ҳисобга олиш имконияти пайдо бўлмоқда.

Маълумот ўрнида, “Ўзагросуғурта” ДАСК Ўзбекистон президентининг 1997 йил 25 февралдаги 1713 сонли қарори билан ташкил этилган. Дастлабги пайтлар компания қишлоқ хўжалиги суғуртаси билан шуғулланган.

Ҳозирда ширкат универсал суғурта компанияси бўлиб, 17 синфдаги суғурта бўйича 100 ошиқ суғурта хизматлари кўрсатади.

Компания тизимига бугунда 14 дирекция, 200 ошиқ шаҳар ва туман бўлимлари, 2,14 мингдан зиёд суғурта агентлари киради.

2015 йилнинг 1 январига келиб Ўзбекистон суғурта бозорида 31 суғурта компанияси фаолият юритган. Улар томонидан 436,1 млрд сўм суғурта мукфотлари йиғилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: