“Ўзатом” АЭСда авария оқибатларини бартараф этиш бўйича япон тажрибасини ўрганмоқда

Дата: 14:25, 12-11-2018.

Тошкент. 12 ноябр. ЎзТАГ – “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов “Фукусимада бахтсиз ҳодисалар хавфини бошқариш” мавзуидаги семинар ишида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзатом” агентлигидан маълум қилишларича, Ж. Мирзамаҳмудов Японияда бўлишидавомида япон ширкат ва муассасаларида қатор учрашувлар ўтказди.

ОТБ институти томонидан Японияда 12 давлат вакиллари иштирокида ташкил этилган семинарда Осиё давлатлари томонидан табиий офатларни олдини олиш ва бартараф этишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда ОТБнинг ушбу йўналишдаги дастурлари борасида маълумот берилди.

Семинар доирасида дастур иштирокчилари Фукусима префектурасига ташриф буюриб, табиий офат оқибатларини бартараф этиш чоралари билан танишди, хусусан, 2011 йил 11 март куни Япония тарихида юз берган энг офатли зилзила ва ундан сўнг келган цунами Фукусима АЭСда келтириб чиқарган муаммоларни ўргандилар.

Шунингдек, иштирокчилар Фукусиманинг табиий офатлар хавфини бошқариш ҳудудий марказига, Фукусима қайта тикланадиган энергия иститутига ташриф буюрдилар.

Бундан ташқари, агентлик делегацияси Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигининг Халқаро атом энергияси соҳасида ҳамкорлик департаменти директори Шинжиро Такеда ва Япониянинг Атом энергияси бўйича агентлиги президенти Тошио Кодамалар билан учрашувлар ўтказди.

Учрашув давомида япон томони Ўзбекистоннинг ССЭР технологияси бўйича атом электр станциясини қуриш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади ва ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга тайёр эканини билдирди, биринчи навбатда, кадрлар тайёрлаш соҳасида. Хусусан, Япониядаги ўқув марказларида ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлашни ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Сурат манбаи: https://nuz.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: