“Ўзатом” украинанинг атом энергетикаси соҳасидаги тажрибасини ўрганмоқда

Дата: 09:50, 05-12-2018.

Тошкент. 5 декабр. ЎзТАГ – “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация Украинага унинг атом энергетикаси соҳасидаги тажрибаси билан танишиш мақсадида ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Агентликдан хабар қилишларича, ноябр охиридаги ташриф доирасида делегация Хмельницк атом электростанциясида бўлди, “Ўзатом” вакиллари бу ерда ўқув-машғулот маркази, машина бўлими, энергоблок фаолияти ҳамда 3-станция энергоблоки қурилиш майдончасига ташриф буюрдилар.

“Энергоатом”нинг марказий идорасида делегациянинг “Энергоатом” миллий энергия ишлаб чиқариш компанияси” давлат корхонаси президенти Юрий Недашковский билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев ва “Энергопроект” Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш-конструкторлик институти АЖ бошқаруви раиси Юрий Малахов ҳам иштирок этди.

“Биз Ўзбекистоннинг атом энергетикасини ривожлантириш ва мамлакатда биринчи атом электростанциясини қуришга доир режаларини қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламанки, “Энергоатом”нинг атом электростанцияларига хизмат кўрсатиш ва уларнинг эксплуатацияси бўйича миллий инфратузилмани яратишга оид тажрибаси Ўзбекистон учун қизиқарли бўлади”, - деди Ю. Недашковский музокараларда.

У “Энергоатом” АЭС учун юқори малакали ходимлар тайёрлаш борасида кенг имкониятларга эгалигини таъкидлади – Запорожск станциясида бу соҳада ягона бўлган Ўқув-машғулот маркази фаолият юритмоқда. Унга атом энергоблокининг ҳақиқий ускуналардан фойдаланиб ясалган табиий тренажер киради. Бу эса АЭС эксплуатацияси бўйича мутахассислар, шунингдек, атом электростанцияларида таъмирловчи ва хизмат кўрсатувчи бўлиб ишловчи ходимларни ўқитиш имконини беради.

Шунингдек, у “Энергоатом” – ВВЭР-1000 туридаги реакторларнинг дунёдаги ягона оператори бўлиб, у иккита янги ядро ёқилғиси таъминотчисига эга.

“Биз янги ядро ёқилғиси манбаларини диверсификация қилиш бўйича ўта мураккаб ишни амалга оширдик ва бугунда Украина АЭСлари 15 энергоблокидан 6 тасига Американинг Westinghouse компанияси ёқилғиси қуйилган. Ҳозирги пайтда “Энергоатом” ва Westinghouse Украинанинг бошқа энергоблокларига ҳам ёқилғи етказиб беришни кенгайтириш бўйича иш олиб боришмоқда. Икки таъминотчининг мавжудлиги “Энергоатом”га ядро ёқилғисининг ишончли тарзда етказиб берилишини кафолатлайди, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳақиқий рақобат эса ёқилғи тўпламлари сифати ва қийматига ижобий таъсир кўрсатади”, - деб таъкидлади Ю. Недашковский.

Ж. Мирзамаҳмудов Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида украиналик мутахассислар билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини қайд этди.

“Олдимизда Ўзбекистон атом электростанциясини қуриш лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва ташкил қилиш мақсадида атом электростанцияларидан фойдаланиб келаётган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш масаласи турибди”, - деб таъкидлади агентлик раҳбари.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон томонининг “Энергоатом” билан кадрларни тайёрлаш ва Украина лойиҳалаштириш ташкилотларининг атом энергетикаси соҳасида лойиҳалаштириш бўйича тажрибага эга мутахассисларини ҳамкорликка жалб қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Иккитомонлама ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон АЭСи учун кадрларни тайёрлаш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, “Энергопроект” Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш-конструкторлик институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, ушбу ташкилот мутахассислари Ўзбекистон атом электростанцияси учун майдон танлашда иштирок этмоқдалар.


Сурат манбаи: http://darakchi.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: