“Ўзавтосаноат” ОАВ Ўзбекистонда автомобилсозлик мавзусини ёритишда эътиборлироқ бўлишга чақирди
Тошкент. 5 август. ЎзТАГ – “Ўзавтосаноат” ОАВ Ўзбекистонда автомобилсозлик мавзусини ёритишда эътиборлироқ бўлишга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компания сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.
“Охирги пайтларда интернет тармоқларида баъзи бир маҳаллий ОАВлари томонидан, профессионал журналистика этикасини бузган ҳолда, Ўзавтосаноат АК тизимидаги корхоналар фаолияти ва уларда бўлиб ўтаётган воқеалар, айниқса, “Генерал Моторс Ўзбекистон” АЖ тўғрисида мавжуд бўлмаган манбалардан далиллар келтирган ҳолда, нотўғри маълумотлар тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур оммавий ахборот воситалари ушбу ҳаракатлари билан “Ўзавтосаноат” АК ва тизимдаги корхоналарнинг нафақат имижига зарар келтирмоқда, балки номаълум шахсларнинг виждонсиз манфаатлари фойдасига истеъмолчиларни чалғитмоқдалар”, - дейилади хабарда.
Компания ОАВларида нотўғри маълумотлар эълон қилинишининг олдини олиш ва истеъмолчиларни, бундай маълумотларни тарқатаётган номаълум шахсларнинг виждонсиз ҳамда ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоялаш мақсадида, барча ахборот сайтларидан, газеталар ва бошқа ОАВларидан, “Ўзавтосаноат” АК ва компания тизимидаги корхоналар фаолияти тўғрисидаги ҳар қандай маълумотларни босиб чиқараётганда ёки бошқа сайтлардан кўчириб олиб қайта нашр қилаётганда, “Ўзавтосаноат” АКнинг ахборот хизмати билан маслаҳатлашган ҳолда текширишини сўрайди.
“Ўзавтосаноат” АК ва тармоқ корхоналари фаолияти тўғрисидаги барча аниқ ва тўғри маълумотларни “Ўзавтосаноат” АКнинг ахборот хизмати ёки www.uzavtosanoat.uz ва www.chevrolet.uz расмий сайтларидан олиш мумкин”, – деб таъкидлайди “Ўзавтосаноат” АК.