“Ўзбек йўлбарслари” Озарбайжон боксчилари билан жангларга тайёрланмоқдалар

Дата: 14:40, 01-02-2016.

Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – 5 февралда “Uzbek Tigers” ўзбек боксчилари жамоаси Боку шаҳрида “Azerbaijan Baku Fires” жамаоаси билан учрашади. Бу беллашув Бутунжаҳон Бокс серияси VI мавсуми доирасида ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Бокс федерациясидан хабар беришларича, The World Series Boxing (WSB) мусобақалари ҳаваскор боксда олтинчи йил ўтказилмоқда. WSB турнири ноёб мусобақа бўлиб, франшиза асосида 10 вазн тоифасидаги энг яхши ҳаваскор боксчиларни ўз атрофида бирлаштиради.

Жорий йилда 16 жамоалар тўрт гуруҳга бўлинган. “Uzbek Tigers” жамоаси “D” гуруҳида бўлиб, амалдаги чемпион “Astana Arlans”, “Azerbaijan Baku Fires” ва “Puerto Rico Hurricanes” жамоалари билан беллашади.

Бутунжаҳон Бокс серияси дебютанти бўлган “Uzbek Tigers” илк учрашувда Сан-Хуан шаҳрининг “Puerto Rico Hurricanes” жамоасини 5:0 ҳисобида енгди.

5 февралда бўлиб ўтадиган кейинги учрашувда бошқа беш вазн тоифаларида қатнашувчи С2 гуруҳи боксчилари иштирок этадилар.

Қўшимча қиламизки, “Uzbek Tigers” жамоаси Тошкентдаги биринчи учрашувларини 26 февралда WSB чемпиони “Astana Arlans”га қарши ўтказади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: