“Ўзбекэнерго” Ангрен ИЭС янги энергоблокни синов тариқасида ишга туширди
Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – “Ўзбекэнерго” компанияси Ангрен ИЭС янги энергоблокни синов тариқасида ишга туширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Янги энергоблокнинг қуввати 130-150 МВт электр энергияси етказиб беришга тенг. Энергоблокда француз технологияси қўлланган бўлиб, у айланувчи қайноқ қатлам принципига асосланган. Шунингдек, бу ерда техник ва ёнғин хавфсизлиги бўйича халқаро талабларга жавоб берувчи автоматлашган бошқарув тизими жорий этилди”, - деб таъкидлашди “Ўзбекэнерго”да.
Ангрен иссиқлик электростанциясида янги технологиянинг қўлланиши нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё энергетикаси тарихида янгилик бўлди. У 130-150 МВт электроэнергия ишлаб чиқариш билан бирга 110 Гкал атрофида иссиқлик қуввати ҳам етказиб беради.
Энергоблок истеъмолчиларга йилига 840 млн кВт/с электроэнергия етказиб беради. Натижада ИЭС ялпи қуввати 1,05 млрд кВт/сни ташкил қилади. Нафақат Ангрен, балки қўшни ҳудудлар ҳам электр билан таъминланади.
Лойиҳанинг бош пудратчиси хитойнинг Harbin ElectricInternational Company Limited ширкати бўлиб, унинг билан $226 млнлик шартнома тузилган.