“Ўзбекфильм” киностудияси аниматор-рассомларни қайта тайёрлаш бўйича бепул курсларга қабул эълон қилди
Дата: 15:27, 30-06-2014.
Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – “Ўзбекфильм” киностудиясининг ижодий жамоаси “Ўзбеккино” агентлиги буюртмасига биноан тўлиқметражли янги мультипликацион фильмни суратга олишни бошлади. Шу сабабли киностудия аниматор-рассомларни қайта тайёрлаш бўйича уч ойлик бепул курсларга қабул эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекфильм” кинокомпанияси матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Курсларга қабул графикачи рассомлар ва профессионал чизиш уқувларига эга бўлган кишилар ўртасида ўтказиладиган ижодий конкурс натижаларига кўра амалга оширилади.
Ижодий конкурс “Ўзбекфильм” киностудиясида 2014 йилнинг 1 июлидан 15 июлига қадар ўтказилади ва икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда даъвогарлар эртакдан танлаб олинган парчага бадиий иллюстрация ишлайдилар, иккинчи босқичда эса ижодий суҳбат бўлиб ўтади.
Курсларни муваффақиятли битирган тингловчиларга киностудияда мультипликацион фильм яратиш бўйича иш таклиф қилинади.